Энергетика тизими ходимлари шарафланди

     Термиз шахридаги “Афруз” тантаналар саройида Энергетика тизими ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири уюштирилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳудудий электр тармоқлари ходимлари ҳамда соҳанинг меҳнат фахрийлари иштирок этди. Байрам тадбирида вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари М.Шамсиддинов таькидлаганидек, халқ хўжалиги тармоқларининг барқарор ривожланишида энергетика тизими корхоналарининг фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Айни жиҳат инобатга олинган ҳолда давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари асосида тизим фаолияти тубдан янгиланиб, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа тармоқлари ва аҳоли хонадонларини узлуксиз электр энергияси билан таьминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.   

     Биргина Сурхондарё вилояти мисолида айтадиган бўлсак,  электр энергияси таъминотини янада яхшилаш мақсадида 266,5 км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 131 дона трансформатор пунктларида реконструкция ҳамда янги қурилиш ишлари олиб борилди. Жумладан,  “Обод қишлоқ”, “Обод махалла” ва “Обод марказ” Дастурлари доирасида 149,8 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 60 дона трансформатор пунктлари янгиланди ҳамда 169 км электр тармоқлари ва барча мавжуд трансформатор пунктларида таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу борадаги қурилиш ва реконструкция ишларига 17,452 млрд сўм маблағ сарфланди.

     Тадбирда энергетика тизимида самарали фаолият кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимлар ҳамда соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларга фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари топширилди.

     Тадбир санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқларга уланиб, барчага хуш кайфият улашди.

 

Сурхондарё "ҲЭТК" матбуот хизмати