Маънавият сабоқлари шахс камолотини таъминлайди

     Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонасида "Инсон камолотида маънавий омилларнинг аҳамияти" мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Республика маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими бошлиғи ўринбосари Қ. Қосимов, корхонанинг умумий масалалар бўйича директори А.Жумаев ва жамоа ишчи-ходимлари иштирок этди. Термиз давлат университети ўқитувчиси Т.Пардаев "Инсон камолотида маънавий омилларнинг аҳамияти" мавзуида маъруза қилди. Маърузада таъкидланганидек, шахс камолотида маънавий, аҳлоқий тарбия катта аҳамиятга эга. Бу борада айниқса, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни қадрлаш талаб этилади. Шу жумладан, китобхонлик, маданият, санъат ва маърифатни улуғлаш, эзгу инсоний фазилатлар, умум башарий қадриятларга амал қилиш инсонни маънавий камолот сари етаклайди.
     Қайд этилганидек, юртимизда жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясининг асосий тушунча ва тамойилларини ҳаётга жорий этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган тарғибот тизими шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
     Зеро, бугунги кунда дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб, оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан ҳимояланиш учун миллийликни асраш, аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросини ўрганиш, уни кенг тарғиб қилишни даврни ўзи тақозо этмоқда.
     Маънавий ва маърифий тадбирда кундалик ҳаётимизда рўй бераётган муаммолар тилга олиниб, унинг самарали ечимлари ҳақида қимматли фикр мулоҳазалар билдирилди.
 

"Сурхондарё ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати.