19-АВГУСТДАН МИРЗО УЛУҒБЕК ТУМАНИ ҲАМДА ТЕРМИЗ ШАҲРИДА ЗАМОНАВИЙ ЭЛЕКТР ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ЎРНАТИШ ИШЛАРИ БОШЛАНАДИ

19-АВГУСТДАН МИРЗО УЛУҒБЕК ТУМАНИ ҲАМДА ТЕРМИЗ ШАҲРИДА ЗАМОНАВИЙ ЭЛЕКТР ҲИСОБЛАГИЧЛАРНИ ЎРНАТИШ ИШЛАРИ БОШЛАНАДИ

     Хабар қилганимиздек, Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрда “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ) жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

     Шунга кўра, 2019 йил, 19 августдан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ва Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари бошланади. Шуни инобатга олиб, хонадонингизда 2 ой давомида вояга етган шахснинг бўлишини таъминлашингизни ҳамда имкон қадар ҳозирда мавжуд ҳисоблагичингиз кўрсаткичини фото суръатга олиб қўйишингизни тавсия қиламиз. 

     Ҳозирда Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод ва Сергели туманларидаги 240 мингдан зиёд аҳоли истеъмолчиларига замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиб берилди. 

     Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари эвазига бепул ўрнатиб берилмоқда.

     Жорий йил якунига қадар ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар Тошкент шаҳрининг барча туманларига тўлиқ ўрнатиб берилиши режалаштирилган. Шунга кўра, истеъмолчилардан ҳисоблагичларни алмаштиришга тўсқинлик қилмасликларингизни балки, ёрдам беришингизни сўраймиз.

Манба: “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати
Каналга аъзо бўлиш:  @hetmuloqot