ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари Термиз шаҳридаги Хотира ва Қадрлаш мажмуасида жам бўлишди. Мазкур тадбирда Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ишчи-ходимлари ҳам иштирок этишди. Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулжамбар қўйилиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз ёд этилди.
Шундан сўнг, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, ДХХ Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳарбий муассасалар томонидан жанговар техникаларнинг танатанали юриши ва ҳарбий парад ўтказилди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Миллий армиямизни янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Жумладан, ҳарбий соҳага оид 7 та Қонун, 50 дан ортиқ Фармон, Қарор ва Фармойишлар қабул қилинди. “Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонун тубдан такомиллаштирилди ва бу борада Парламент назорати ўрнатилди.
Сурхондарёда ҳарбий-маъмурий сектор томонидан ўтган 3 йил давомида ҳарбий қисмлар инфратузилмасини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базаларини бойитиш, ҳарбийлар ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳамда ҳарбий пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича “Йўл харита”ларида белгилаб олиниб, аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Унинг ижроси доирасида ўтган йилда вилоятдаги ҳарбий қисмларнинг қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш, шунингдек, бошқа харажатлари учун вилоят маҳаллий бюджетидан 45 миллиард 16 миллион 348 минг сўм маблағ ажратилди.
Вилоятдаги Мудофаа вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари ва Миллий гвардия тизимидаги ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, Давлат хавфсизлиги хизмати, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар тизимидаги хизматчиларга 392 хонадонли 18 та уй ва 22 та ҳовли хонадон топширилди.Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Денов туманидаги ҳарбий қисмда Ватанимиз ҳимоячилари билан учрашиб, уларнинг маънавиятини, жанговар шайлигини ошириш ҳамда ҳудудга хос миллий қадриятлар билан яқиндан таништириб бориш бўйича тегишли топшириқлар берган эди. Мазкур вазифалар ижроси доирасида яқинда вилоятимизда Жанубий операцион йўналиш бошқаруви гуруҳи ҳарбий хизматчилари ўртасида “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” номидаги танлови ташкил этилди ва танловнинг вилоят босқичи ғолиблари ҳамда иштирокчилари муносиб тақдирланди.Ўзини шу юрт фарзанди, деб билган киши борки, она Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга астойдил бел боғлайди. Бугун биз ҳарбий хизматчилар тимсолингизда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Тўмарис сингари буюк аждодларимиз сиймосини кўргандек бўламиз.
Юқори жанговар шайликка эга Қуролли Кучларимиз Ватанимиз тинчлиги, осойишталиги кафолоти бўлиб хизмат қилмоқда. Байрам муборак бўлсин, Ватанимиз посбонлари!

 

 

 


"Сурхондарё ҲЭТК" АЖ матбуот хизмати